“Олий таълим муассасалари учун ўқув адабиётларини чоп этишга рухсат беришни давлат хизматлари асосида ташкил этишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий таълим муассасалари учун ўқув адабиётларини чоп этишга рухсат бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади.

Унда қуйидагилар:

  • таълим ташкилотлари учун давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурларига мувофиқ тайёрланган ўқув адабиётларини чоп этишга рухсат беришни давлат хизмати асосида ташкил этиш тартиби;
  • ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш ва нашрга рухсат олиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;
  • чоп этишга рухсат берилган ўқув адабиётларига электрон шаклдаги QR-кодли нашр рухсатномаси бериш;
  • ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш жараёнида иштирок этувчи мутахассисларга шартнома асосида ҳақ тўлаш;
  • давлат хизматидан фойдаланиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида тўлов ундириш;
  • давлат хизматларини кўрсатишнинг рад этиш асослари белгиланади.

Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда:

  • қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминлайди;
  • ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этади;
  • ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш ва чоп этишга рухсат берилгани тўғрисидаги нашр гувоҳномаларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўловлар Ягона биллинг тизимига уланишини таъминлайди.