Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Тойлоқ туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаро Б.М. Ургут туманидаги “Қ.” МФЙ ҳудудидан 50 сотих захирадаги ерни фуқаро З.И.га 97 000 долларга сотишга келишиб, ернинг ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 31 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Б.М.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Давлат кадастрлар палатаси Ургут тумани филиали бўлими муҳандиси Н.Н. юқоридаги ернинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.