"Инфозакон"нинг хабар қилишича, Минтақавий экспертлар кенгаши президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил март ойида Тошкентда ташкил этилган юқори даражадаги "БМТ глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорлиги" халқаро конференциясида илгари сурилган ва халқаро шериклар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланаётган ташаббуси доирасида ташкил этилмоқда.

Мақолада қайд этилишича, Минтақавий экспертлар кенгашининг Тошкентдаги биринчи йиғилишида Марказий Осиё давлатлари, халқаро ташкилотлар – БМТ ва ЕХҲТнинг юқори мартабали мансабдор шахслари, шунингдек қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш, хусусан жиноий ҳаракатлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни жавобгарликка тортиш соҳасидаги мутахассислар иштирок этади.

"Тадбир доирасида "Репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилишга давлат ва умумий ижтимоий ёндашувнинг аҳамияти", "Маҳаллий жамоалар ва жамоат ташкилотларининг соҳадаги ўрни" каби муҳим мавзуларда секциялар ташкил этилади", – деб якунлайди "Инфозакон".