Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисорак сув омбори билан боғлиқ ҳеч қандай хавотирли ҳолат йўқ. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев сув омборининг қуйи қисмидан туриб берган видеобаёнотида маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, кеча Ҳисорак ҳақида ваҳимали хабарлар тарқалганидан кейин сув омборига зудлик билан Тошкентдан мутахассислар етиб борган ва ҳолатни ўрганган. Ўрганиш давомида сув омборида фавқулодда вазият юз бермагани, сув омбори штат режимида ишлаётгани, омборнинг бирорта ҳам параметрида ўзгариш бўлмагани аниқланган.
Қўлдошевга кўра, ёғингарчилик кўп бўлгани туфайли Ҳисоракка сув йиғилиши бирмунча кўпайган, шу сабабли режали равишда сув ташлаш ишлари амалга оширилган. Бунда сув ташлаш пайтида сув ҳажми секундига 40 метр кубни ташкил этган, бу эса омборнинг лойиҳавий сув ташлаш қуввати (секундига 250 метр куб)га нисбатан анча паст.
“Шу соҳадаги мутахассис сифатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг раҳбари сифатида айтаман, ҳурматли ҳамюртлар, ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Бу ерда олиб борилаётган ишлар ҳаммаси штат режимида ва олдиндан режалаштирилган тизимда давом этяпти”, – деди вазир.



