Қайд этилишича, Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Давлат тили ҳақида”ги қонунлар талабларига мувофиқ Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлган.

Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасида:

касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек ходимларнинг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этган шахсларнинг ҳуқуқлари;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахсга ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши учун ҳар ҳафтада камида икки соат иш вақти ажратилиши ва бу вақт учун иш жойи (лавозими) бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланиши белгиланган.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил тўғрисидаги низом рус тилида қабул қилинган бўлиб, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мослаштирилмаганлиги ҳамда қўлланишида номувофиқликлар мавжудлиги сабабли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тилида ва амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш лозим.

Буйруқ лойиҳасига мувофиқ Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил тўғрисидаги низом тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил тўғрисидаги низомда вакилликка номзодни сайлаш тартиби, вакилнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари ҳамда иш берувчининг мажбуриятлари батафсил белгиланмоқда.

Буйруқ лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:

  • биринчидан, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил томонидан меҳнат жараёнида ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига доир қоидалар, меъёрлар ва йўриқномаларга риоя этишини таъминлашда жамоатчилик назорати амалга оширилишига;
  • иккинчидан, ходимларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишида жамоатчилик назорати орқали ходимларни жалб этиш механизми жорий этилишига;
  • учинчидан, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касаллиги хавфлари олдини олиш ва уларни камайтириш борасида жамоатчилик назорати орқали ишлаб чиқариш самарадорлиги ва ташкилотларнинг иқтисодий салоҳияти ошишига имкон яратилишига;
  • Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил тўғрисидаги низом ўз кучини йўқотган деб топилишига эришилади.