“Бино ва иншоотларни жойлаштириш ва қуришда давлат архитектура назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Шаҳарсозлик соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари олдини олиш бўйича республика комиссияси тузилади ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ваколатли органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
- ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бартараф этиш билан боғлиқ суд ҳужжатларининг амалда ижро этилишини таъминлаш чораларини кўриш;
- амалга оширилган ишлар тўғрисида доимий равишда Ўзбекистон президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритиб бориш.
Белгилансинки, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ва давлат архитектура назоратини амалга ошириш тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди.
Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимларининг архитектура ва қурилиш соҳаси бўйича бош мутахассислари лавозимлари (уларнинг фаолиятини молиялаштириш ва меҳнатини рағбатлантириш бўйича амалдаги тартибни сақлаб қолган ҳолда) тўғридан тўғри Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Давлат архитектура назорати департаменти бўйсунувига ўтказилсин.
Қуйидагилар департаментининг аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларида бино ва иншоотларни жойлаштириш ҳамда қуришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашдаги асосий вазифалари этиб белгиланади:
- аҳоли пунктларида ва уларнинг орасидаги ҳудудларда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан иморатлар қурилиши учун ер участкаларининг тегишли рухсат бериш ҳужжатларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирмасдан берилишининг олдини олиш;
- юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзбошимчалик билан иморатни қуришга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- бино ва иншоотларни жойлаштириш ва қуришда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақида хулоса тузган ҳолда тегишли юқори турувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;
- аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозликка оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилишини ташкил этиш.



