“Тиббиёт муассасаларига хизмат кўрсатувчи марказий лабораторияларни ташкил қилиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри тиббиёт бирлашмаси, Сирдарё вилояти Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Тошкент шаҳри Яшнобод тумани учун “Тошкент шаҳар диагностика маркази” таркибида юридик мақомга эга бўлмаган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига лаборатория хизматлари кўрсатувчи марказлашган лабораторияларни тажриба-синов тариқасида ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Тажриба-синов доирасида:

  • марказлашган лабораторияларда ҳудуддаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига бириктирилган аҳолига йўлланма асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида бепул хизмат кўрсатилади;
  • оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ҳамда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳолидан биоматериалларни қабул қилиш (олиш ва йиғиш) хоналари ташкил этилади;
  • йиғилган биоматериаллар махсус жиҳозланган автотранспорт воситаларида марказлашган лабораторияларга етказилади;
  • марказлашган лабораторияларда аниқланган таҳлиллар натижаси биоматериаллар қабул қилинган тиббиёт муассасаларига электрон ахборот тизими орқали жўнатилади.

Марказлашган лабораторияларда:

  • кафолатланган пакет доирасида кўрсатиладиган хизматлар бўйича харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади;
  • тиббиёт муассасасига бириктирилмаган, шифокор (ёки ҳамшира) йўлланмаси мавжуд бўлмаган аҳолига ҳамда кафолатланган пакет доирасига киритилмаган тиббий хизматлар бўйича лаборатория хизматлари пулли асосда кўрсатилади;
  • бошқа давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига шартнома ҳамда тегишли тўловлар асосида лаборатория хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.