Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Курск, Брянск ва Белгород вилоятларидаги вазият муносабати билан Ўзбекистон фуқароларига «зарурий эҳтиёт чораларини кўришни, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни, шунингдек, одамлар кўп йиғиладиган жойларга боришдан сақланишни ва жамоат жойларига ташрифларни чеклашни тавсия қилди». Бу ҳақда дипломатик ваколатхонанинг мурожаатида айтилади.

«Иложи бўлса, ушбу ҳудудларда таҳсил олаётган талабаларга вақтинчалик масофавий таълим формати (онлайн)га ўтишни тавсия қиламиз», — дейилади мурожаатда. 

Ўзбекистон фуқаролари консуллик ёрдами ёки маслаҳатга муҳтож бўлган тақдирда, Москвадаги элчихонанинг консуллик бўлимининг колл-марказига мурожаат қилиши мумкин: +7−499−238−36−20; +7−499−230−00−76. Электрон почта манзили: [email protected]

6 август куни эрталаб Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилоятига кириб келди. Расмий Киев Россиянинг чегарадош ҳудудларида Украина «хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинаётгани»ни таъкидлаб, «бу ҳудудларни босиб олишдан манфаатдор эмаслигини» билдирди.