Тинч океанида жойлашган Соломон оролларида ер остидан Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ўқ-дорилар омбори топилди.

Соломон Қироллик полицияси маълумотларига кўра, ўз вақтида Америка қўшинларига тегишли бўлган 200 дан ортиқ снаряд мактаб ишчисининг уйи яқинида, мактабга оқава сув келтириш учун чуқур қазилаётганда топилди. Занг босган снарядлар қазиб олиниб, махсус жойга олиб кетилди.

Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан пайтда Япония ва Қўшма Штатлар Соломон оролларини назорат қилиш учун шиддатли кураш олиб борганди, оқибатда Жанубий Тинч океани архипелаги портламаган ўқ-дориларга тўлиб кетган, улар бугун ҳам одамларнинг ҳаётига хавф солмоқда.

20 август куни инспектор Клиффорд Тунуки йиллар давомида ер остида яширинган қурол-яроғ омбори хавфсиз жойга ўтказилганини ва энди уларни зарарсизлантириш кутилаётганини айтди.

Соломон ороллари пойтахти Хониар шаҳридаги мактабда дарслар бир неча кунга тўхтатилди.

Полиция портламай қолган ўқ-дориларни қазиб олмоқда.
Фото: Соломон ороллари Қироллик полицияси

Бу топилма Тинч океани минтақасида Иккинчи Жаҳон урушидан қолган қуролларнинг бир қисми.

Тинч океанидаги Соломон ороллари, Папуа-Янги Гвинея ва Палау каби оролларга минглаб бомбалар ташланган, уларнинг аксарияти портламай қолган. Бундан ташқари уруш даврида барча оролларда ўқ-дори омборлари ташкил этилган.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда Ҳониарада бомбаларни зарарсизлантириш бўйича икки хорижий эксперт ҳалок бўлди, улар бутун мамлакат бўйлаб эски қурол-яроғ омборларининг харитасини тузаётганди.

2021 йилда эса Ҳониарадаги уйнинг орқа ҳовлисидан Иккинчи жаҳон урушида портламай қолган 100 дан ортиқ бомба топилди.