Маданият вазири Озодбек Назарбеков қаламига мансуб мазкур мақолада Ўзбекистоннинг халқаро дипломатия ва унинг узвий қисми бўлмиш маданий дипломатия соҳасида эришилаётган ютуқлари батафсил таҳлил қилинган.

Муаллиф маданий дипломатия бир муҳит ва маконда истиқомат қиладиган миллат ва элатларнинг бир-бирини ўзаро тушуниши, урф-одатларини ҳурмат қилиши, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида санъат асарлари ва бошқа маданий компонентлар алмашинувини ўз ичига қамраб олишини таъкидлаган.

Мамлакат раҳбари томонидан хорижий давлатларга амалга оширилаётган ташрифлар доирасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида имзоланган ҳужжатларга асосан ҳамкор давлатларда "Ўзбекистон маданияти кунлари" ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, 2017–2020 йилларда дунёнинг 20 га яқин давлатида "Ўзбекистон маданияти кунлари" тадбирлари ташкил этилган бўлса, 2021–2024 йилларда бу кўрсаткич 40 тага етди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ЮНЕСКО, МДҲ, ШҲТ, ТУРКСОЙ, ICESCO каби турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида маданий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Мақола хулосасида, "Халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни шакллантириш, ўзаро ҳурмат, бир-бирини англаш, фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишда маданий дипломатиянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир", – деб таъкидланган.