Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни калтаклаб, унга жароҳат етказган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳолат 2025 йилнинг 18 январ куни содир бўлган. Суд раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни ўзининг хизмат хонасида калтаклаган. Жароҳат олган ёрдамчи Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Тиббий маълумотномада Яхшибоев юз соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши тан жароҳати олгани кўрсатилган.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Kun.uz сўровига жавобан ушбу ҳодиса юз берганини тасдиқлади ва ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Суд раисининг бу қилмиши МЖтКнинг 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан малакаланиши мумкин. Борди-ю шундай бўлиб чиқса, Жаҳонгир Якубхўжаев базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача (1,5 млн сўм) миқдорда жарима тўлашига тўғри келади. МЖтКнинг 245-моддасига кўра бундай тоифадаги ишлар жиноят ишлари бўйича судда кўриб чиқилади.

Аммо қонунга кўра судьянинг шахси дахлсиз ҳисобланади. У тегишли судьялар малака ҳайъатининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Маълумот учун, Жаҳонгир Якубхўжаев 2023 йил июл ойида судялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг раиси лавозимига тайинланган. Бунгача у жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди раиси лавозимида фаолият юритган.

UPD: Судялар олий кенгаши хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди. Текширув якуни бўйича қўшимча ахборот берилиши айтилди.