Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилишича, Қўшработ туманида “Ш.Б.” МЧЖ раҳбари А.Х. ва бошқалар “Шова” МФЙ ҳудудидан ўтувчи сой бўйидан норуда фойдали қазилма ҳисобланган қум-шағал аралашмасини корхона махсус техникалари ёрдамида қазиб олган. Уларнинг МЧЖ ишлаб чиқариш цехига етказиб бераётганликлари аниқланиб, 3 дона махсус техникалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текширувда МЧЖ масъул шахслари жами 35,8 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини ўзбошимчалик билан қазиб олгани аниқланди. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 3,9 млрд сўм зарар етказилган.

Бундан ташқари, Бухоро туманидаги гипс кони ҳудудидан “С.м.”, “W.г.”, “А-Г.”, “К.З.” ва “Б.Г.” МЧЖ масъул шахслари жами 33,5 минг куб ҳажмдаги гипс тошларини ўзбошимчалик билан қазиб олган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 3,4 млрд сўм зарар етказилган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси  (ўзбошимчалик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.