Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилaди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, барча азотли, фосфорли, калийли ва комплекс ўғитлар, микроўғитлар ва бромметан (метилбромид) маркировка қилиниши белгиланяпти.
Тизим 2025 йил 1 майдан 31 октябргача тажриба асосида йўлга қўйилади. Лойиҳада бешта компания иштирок этади:
- Maxam-Chirchiq АЖ;
- Swissagro МЧЖ;
- Ifoda Agro Kimyo Himoya МЧЖ;
- Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals АЖ;
- Schelkova Agrohim-Oʻzbekiston ҚК.
2026 йил 1 майдан бошлаб эса ушбу маҳсулотларни рақамли маркировкалаш мажбурий бўлади.
Маълумот учун, 2024 йилнинг апрел ойида қабул қилинган президент қарори билан йўл харитасида пестицид ва минерал ўғитларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий қилиш бўйича топшириқ берилганди.


