Наманган вилоятининг Поп туманидаги оилавий боғчада 1,5 яшар қизалоқнинг оёғи куйдириб қўйилгани, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмагани бўйича Kun.uz'да чоп этилган мурожаат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Болалар омбудсмани расмий муносабат билан чиқди.

Қайд этилишича, “Боғ” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро С.Ф. томонидан уйида ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтмасдан ва лицензиясиз боғча ташкил қилингани аниқланган.

Жорий йилнинг 23 апрель куни ҳақиқатан ҳам мазкур ноқонуний ташкил этилган боғчада М.Р. нинг фарзанди билан (қайноқ сув тўкилиши оқибатида) нохуш ҳолат рўй бергани маълум бўлди.

Ушбу ноқонуний мактабгача таълим ташкилоти фаолияти тўхтатилиб, юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга барча ҳужжатлар тақдим этилганлиги билдирилади”, — дейилади бошқарма муносабатида.

Болалар омбудсманига кўра, ҳозирда бола куйганлиги юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу бўйича қўшимча ахборот берилиши айтилди.