Самарқанд вилояти Жомбой туманида фермер хўжалиги табиатга 137 млрд сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқланди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қайд этишича, туманнинг «М.Т.» фермер хўжалиги вакиллари Оқдарё дарёсидан ноқонуний равишда экскаватор ва юк машиналари воситасида қум-шағал аралашмаси қазиб олган.
Оқибатда табиатга 137 миллиард 472 миллион 370 минг 649 сўм зарар етказилган. Бу – Марказий банкнинг бугунги курсида 10 млн 590 минг доллардан ортиқни ташкил этади.

Ҳолат юзасидан экскаватор ва иккита юк ташувчи транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.



