Президентнинг "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенцияси (Женева, 1981 йил 22 июн) қоидаларини миллий қонунчиликка жорий (имплементация) қилиш вазифаси белгиланган.
Ҳужжат билан Меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди, у қуйидагиларни назарда тутади:
- ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, ташкил этиш, фаолият кўрсатиш, юритиш ва такомиллаштириш тартиби;
- меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш самарадорлигини баҳолаш, касбий (меҳнат) хавфларни бошқариш ва уларни аниқлаш.
Меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси бўйича ўқитиш;
- ишларни хавфсиз бажариш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш;
- иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш;
- хавфли омилларни аниқлаш, касбий хавфларни баҳолаш ва бошқариш;
- ходимларнинг соғлиғи ҳолатини назорат қилиш;
- ходимларни якка тартибдаги ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
- меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар бериш;
- иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;
- ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш;
- касб касалликлари профилактикаси;
- пудратчи ташкилотлар томонидан ишларнинг хавфсиз бажарилишини назорат қилиш.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги тизимининг ички аудити иш берувчининг қарорига кўра меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандиси) томонидан амалга оширилади.



