Премиум тоифадаги меҳмонхона Tashkent City Mall'да жойлашади ва 2025 йил охиригача фаолият бошлайди. Бу ҳақда Kun.uz'га тақдим этилган пресс-релизда сўз боради.
Қайд этилишича, отел мижозларга 287 та ҳашаматли хона, турли-туман ресторанлар, велнес-марказ, Spa, бизнес-лаунж зона ва замонавий конференц-зал хизматларини таклиф этади.
Marriott International'нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари портфелида бунгача Courtyard by Marriott Tashkent меҳмонхонаси бор эди.
“JW Marriott Hotel Tashkent'нинг очилиши – Марказий Осиё меҳмонхона бозорининг люкс сегментида жиддий ўсиш потенциали борлигидан далолат беради. Тошкент туристлар ва бизнес-сайёҳлар орасида анча оммалашиб боряпти. Биз JW Marriott брендининг мукаммал сервиси, эстетикаси ва уйғунлашган ҳордиқ концепцияси билан Ўзбекистонга кириб келиш орқали бу тенденцияни қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз”, – деди Marriott International'нинг Марказий ва Шарқий Осиё бўйича катта вице-президенти Ивица Чачич.
Marriott International – АҚШнинг Мэриленд штатидаги Бетесда шаҳрида асосланган йирик ҳолдинг. Унинг портфели – 144 та мамлакат ва ҳудудда жойлашган 30 дан ортиқ брендларга мансуб 9500 дан зиёд кўчмас мулклардан иборат.
“Alliance Holding” МЧЖ – 2018 йил 5 март куни Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Давлат реестрида кўрсатилган фаолият тури – “бошқа маиший товарлар улгуржи савдоси”. Устав фонди – 30 млн сўм. Ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида Шукуров Алишев Абдувоҳидович қайд этилган.



