Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқолтин туманида яшовчи, 27 ёшли фуқаро ушланди.
ДХХ хабарига кўра, у қалбаки 150 минг АҚШ долларини шартли харидорга ҳақиқий 30 минг АҚШ долларига сотишга уринган.
Таъкидланишича, у олдин ҳам судланган бўлиб, 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва ҳозир жазони ўташ даврида бўлган.
Терговга қадар текширувда у Қозоғистондан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу қалбаки купюраларни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқародан олгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.



