Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига божхона омбори режимидаги товарларни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ваколати берилиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди. Гап биринчи навбатда автомобиллар ҳақида кетяпти.
Қонун лойиҳаси билан, Божхона кодексига қуйидаги мазмундаги банд киритиш кўзда тутилмоқда:
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарларни бошқа шахсга ўтказилиши тақиқланган айрим товарларни ва ҳолатларни белгилаши мумкин”.
Расмий изоҳда келтирилишича, қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишига бош вазирнинг 2025 йил 6 май кунги 1725-сонли топшириғи асос бўлган.
Бу топшириқда божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарларни бошқа шахсга ўтказиш бўйича тартиботларни енгил автотранспорт воситаларига қўлламаслик бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
“Мазкур қонун божхона назорати остида турган товарларни солиқ қонунчилиги талабларини бажармаган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган”, – дейилади қонун лойиҳасининг преамбуласида.
Лекин қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтиришда бундай ҳолатлар ҳақида маълумот берилмаган.



