Латвияда Reassurance операцияси доирасида бўлган Канада Қуролли кучларининг уорент-офицери, 2 сентябрдан бери бедарак йўқолган бўлган Жорж Холл ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Канада Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Унинг ўлими ҳолати юзасидан тергов давом этмоқда. «Канада қуролли кучлари ҳарбий полицияси Латвия ҳукуматини терговда қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирда ҳодиса бизнинг қўшинларимиз хавфсизлигига катта хавф туғдираётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ», дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги.
Холл Алберта штатининг Эдмонтон шаҳридаги 408-тактик вертолёт эскадриляси транспорт воситаларига хизмат кўрсатувчи техник бўлган. У НАТОнинг Латвиядаги кўп миллатли бригада ҳаво баталони билан Reassurance операциясининг бир қисми сифатида жалб этилган.



