Воқеалар занжири ва нима ўзгарди?

2024 йил 14 октябр куни Қозоғистоннинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Telegram билан маҳаллий вакил тайинлаш ва офис очиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Бу расмий хабар платформанинг мамлакатда қонуний талабларга мослашиши йўлида муҳим қадам бўлди.

Орадан кўп ўтмай, 2024 йил 31 октябрда сенаторлар йиғилишида вазир Жаслан Мадиев офис AIFC (Astana International Financial Center) ҳуқуқий майдонида рўйхатдан ўтказилаётганини, контент модерацияси учун масъул шахс ҳам тайинланганини айтди.

2025 йил 27 июнда Телеграм Astana Hub — Марказий Осиёдаги йирик инновацион кластер аъзолигига қабул қилинди. Бу амалда компаниянинг Қозоғистон IT-экотизими билан тизимли ишлаш ниятини кўрсатди.

2 октябр куни Павел Дуров Digital Bridge 2025 форумида Астанада Alem.ai биносида махсус сунъий интеллект лабораторияси очилаётганини маълум қилди. Расмийларга кўра, Telegram Қозоғистонда офисни ишга туширди, Astana Hub’га қўшилди ва СИ лабораториясини очди.

Қонунчилик: нега офис очиш талаб қилинди?

Қозоғистонда 2023 йил қабул қилинган “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонун мамлакатда ҳар куни 100 мингдан ортиқ фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан маҳаллий вакил (юридик шахс) бўлишини талаб қилади. Шунингдек, тақиқланган контентни расмий талаб бўйича олиб ташлаш механизмлари ҳам бу ҳужжатда келтириб ўтилганди. Яъни агар Telegram офис очмаса, платформа Қозоғистон ҳудудида блокланиши мумкин эди.

Бозор омили: нега айнан Қозоғистон?

Telegram Қозоғистонда ниҳоятда оммабоп: ойлик 12,5 млн фойдаланувчи бор. Бу — 20 млн аҳолининг ярмидан кўпроғи дегани. Шу боис платформа учун Қозоғистон стратегик бозор бўлиб, ҳуқуқий мослашув қарорини тезлаштирган. Яъни Telegram учун ҳам платформа блокланганидан кўра бир офис очиш маъқулроқ қарор эди.

Офис қаерда ва қандай ишлайди?

2024 йил 31 октябрда вазир Мадиев офис AIFC (Astana International Financial Center) асосида рўйхатдан ўтаётганини айтганди. Вазирлик расмий баёнотида маҳаллий вакил тайинлаш ва ноқонуний контентни тезкор олиб ташлаш бўйича ҳамкорлик қайд этилган. Сенатдаги чиқишда эса “контент модерацияси учун масъул шахс аллақачон тайинланган”и айтилган.

2025 йил июнда эса Telegram Astana Hub резиденти бўлди — бу эса маҳаллий стартаплар, давлат идоралари ва таълим муассасалари билан барқарор лойиҳа алмашинуви имконини беради.

СИ лабораторияси: Telegram ва Қозоғистон “компьютер кластери”

Куникеча, 2 октябрда Павел Дуров Астанадаги Digital Bridge 2025 доирасида Alem.ai биносида Telegram’нинг сунъий интеллект лабораторияси ишга туширилаётганини эълон қилди. Унга кўра, Telegram Қозоғистоннинг сунъий интеллект бўйича суперкомпютер кластери билан ҳамкорлик қилади. Мақсад — миллионлаб фойдаланувчига махфийликни сақлаган ҳолда СИ функцияларини тақдим этиш.

Фойдалар: ким нима ютади?

Қонуний ижро ва рақамли хавфсизлик – давлат ва жамият манфаатларига мос келади. AIFC юрисдикцияси, Astana Hub ҳамжамияти, СИ лабораторияси эса Қозоғистоннинг IT сектори ва иқтисодиёти учун ютуқ ва имконият дегани. Бироқ Telegram’дан офис очиш талаби, акс ҳолда унинг блокланиши таҳдиди – сўз эркинлиги, махфийлик ва турли «чегаралар»нинг борлиги хавотирларини ҳам юзага чиқаради.

Масалан, расмий талабларда “тақиқланган/зарарли контентни олиб ташлаш” борлиги — фойдаланувчиларнинг сўз эркинлиги ва мустақил журналистика учун нозик мавзу бўлиб турибди.

Мустақил кузатувчилар қонунчилик ўзгаришлари платформаларни маҳаллий вакилга мажбурий боғлашини ва “сохта ахборот”га қарши чораларни кучайтирганини қайд этади. Бу эса цензура хавфи ҳақидаги баҳсларни кучайтирмоқда.

Хулоса шуки, Telegram’нинг Қозоғистонда офис очиши — қонуний мажбуриятлар, стратегик бозор мотивлари ва инновацион ҳамкорлик кесишган жойда пайдо бўлган қарор. Бу қадам давлатга регулятор билан бевосита мулоқот, фойдаланувчиларга тезкор алоқа ва хизмат сифати умидини, IT секторига эса ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот имконини беради. Шу билан бирга, сўз эркинлиги, шахсий маълумотлар ва платформаларнинг мустақиллиги борасидаги хавотирлар ҳамон долзарб — ечим эса шаффофлик ва мувозанатли ижрода қолмоқда.

Шохрух Мажидзода тайёрлади.