Европа комиссияси (ЕК) Gucci, Chloé ва Loewe люкс брендларини Европа Иттифоқининг монополияга қарши қонунларини бузганликда айблаб, уларга катта миқдорда жарима солди. 14 октябр, сешанба куни эълон қилинган ЕК баёнотига кўра, ҳар учала компания ҳам мустақил дўконлар ва ўз маҳсулотларини сотувчи онлайн платформаларнинг тижорат амалиётига аралашган. Компаниялар регуляторнинг қарорига рози бўлди.
Энг катта жарима – 120 миллион еврони Франциянинг Kering концерни таркибига кирувчи Gucci тўлайди. Франциянинг Chloé мода уйи 20 миллион евро, испан бренди Loewe эса тахминан 18 миллион евро тўлашга мажбур бўлди. Бу миқдорлар аллақачон камайтирилган, чунки уч компания ҳам тергов билан ҳамкорлик қилган, дея таъкидлади Еврокомиссия.
Брюссел расмийларига кўра, Gucci, Chloé ва Loewe мустақил равишда, аммо ўхшаш тарзда ҳаракат қилган. Хусусан, улар бошқа дўконларга тавсия этилган нархлардан четга чиқишни, максимал чегирма даражасини белгилашни ва сотиш муддатларини белгилашни тақиқлади. Баъзи ҳолларда улар чакана сотувчиларга маҳсулотларга, жумладан сумкалар, кийим-кечак, пойабзал ва заргарлик буюмларига чегирмаларни таклиф қилишни тақиқлаган, дея қўшимча қилди Еврокомиссия.



