Париж иқлим келишувида белгиланган — Ерда ўртача ҳароратнинг 1,5°С дан юқори ошишини бартараф этишга интилиш мақсадини бажаришнинг иложи йўқ. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш чоршанба, 22 октябр куни Женевада баёнот берди.
«Бир нарса ҳозирдан равшан: яқин бир неча йил ичида глобал исишни 1,5 даражадан пастда ушлаб тура олмаймиз», — деди Гутерриш. «Бу чегарадан ошиш эндиликда муқаррар».
БМТ бош котибининг сўзларига кўра, бу «яқин йилларда» содир бўлади, аммо кейин, эҳтимол, ҳарорат яна пасайиши мумкин. «Олимлар фикрига кўра, 1,5°С кўрсаткичи аср охирига қадар яна амалий мақсад сифатида сақланиб қолади», — деди Гутерриш.
2015 йилги Париж иқлим келишувига кўра, дунё мамлакатлари Ерда ҳаво ҳароратининг ўртача қиймати саноатгача бўлган даврга нисбатан 2°С дан ортиқ ошишига йўл қўймаслиги керак. Шу билан бирга, давлатлар бу кўрсаткич 1,5°С дан ҳам ошмаслиги учун ҳаракат қилишни ўз зиммасига олган.



