Ҳудудий идоралар хабар қилишича, «Дарбанд» постида ўрнатилган Tenso M VA–20P русумли юк тарозиси Ўзбекистон президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ жойлаштирилган ва Бойсун тумани Йўллардан фойдаланиш корхонаси балансидан турибди. Ускуна хусусий шахсга эмас, давлат муассасасига тегишли.
Расмийларга кўра, оғирлик назорати тизимининг мақсади — йўл инфратузилмасини асраш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва меъёрдан ортиқ юк ташиш ҳолатларининг олдини олиш. Айни вақтда вилоят ИИБ ЙҲХБ ва Автомобил йўллари бош бошқармаси назорат жараёнларини 24/7 режимида мониторинг ва таҳлил остига олган.
Текширувлар айрим оғир юк машиналари назоратдан қочиш мақсадида пост яқинида йўл четида тўхтаб туриш каби ҳаракатлар орқали сунъий тирбандликка сабаб бўлаётганини кўрсатган. Белгиланган тартибда назоратдан ўтиш ва ҳаракатни давом эттириш таклиф қилинганига қарамай, айрим ҳайдовчилар бу талабни бажармагани қайд этилган.
Шу билан бирга, меъёрдаги юк билан ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари белгиланган тартибда тўсқинликсиз ўтмоқда, улар ҳаракатида тизимли муаммолар аниқланмагани маълум қилинди.



