24 октябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раҳбари Тимур Ишметов Ўзбекистоннинг Россиядан олтин сотиб олаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Бу умуман ҳақиқатдан йироқ маълумот. Мутлақо нотўғри. Биз ҳеч қачон бошқа давлатлардан олтин сотиб олмаганмиз ва сотиб олиш ниятимиз йўқ. Ўзимизга етадиган олтинимиз бор», деди Ишметов.

МБ раиси The Economist журналида чоп этилган мақолани эслаб, мазкур нашр билан расмий мулоқот бўлганини маълум қилди.

«Бир неча ой аввал The Economist журналидаги мақолада шундай маълумот чиқди. Биз уларга расмий мурожаат йўллаб, маълумот қаердан олингани бўйича савол қўйдик ва нотўғрилигини кўрсатдик. Улар кейинги сонида хатосини тузатди. Жуда ҳам тушунарсиз ҳолат бўлган», - деди у.