2026 йил 1 апрелдан эътиборан, радарлар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳам ҳайдовчиларга жарима баллари ёзилади.

Ҳукумат қарори билан, жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) асосида фойдаланувчи бошқа ҳайдовчилар ўртасида тақсимлаш тартиби белгиланди.

Унга кўра:

  • транспорт воситасининг мулкдори тегишли ахборот тизимида шахсий кабинет очади;
  • транспорт воситасининг мулкдори транспорт воситасини бошқариш учун кимгадир топширишдан олдин, шахсий кабинетда унинг кимлигини кўрсатади;
  • кўрсатилган ҳайдовчи тизимга кириб, мазкур маълумотларни тасдиқлайди.

Агар қабул қилиб олувчи шахс буни тасдиқламаса, жарима баллари транспорт воситасининг мулкдори ҳисобига ёзилади (унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган тақдирда).

Агар қабул қилиб олувчи шахс буни тасдиқламаса, шунингдек, транспорт воситасининг мулкдорида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса, бундай транспорт воситаларида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланадиган жарима баллари йиғиндиси 12 баллдан ошганда, жарима майдончасига жойлаштириш орқали вақтинча ушлаб турилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби – узоқ кечикишлардан кейин – 2025 йил 1 июндан бошланди. Шундан буён фақат ЙҲХ ходими томонидан қўл режимида қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима баллари ҳисоблаб келинмоқда.

Бу тизимда қоидабузарликларнинг йигирмага яқин тури учун 0,2 баллдан 2 баллгача жарима баллари белгиланган. Хусусан, тезликни рухсат этилганидан соатига 20 километргача ошириб юборганлик учун 0,5 балл ҳисобланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади.

Ҳукумат қарори билан, 2025 йил охиригача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни қайта имтиҳон қилишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилиши белгиланган.