2 ноябр куни соат 06:10 да Самарқанд шаҳри Афросиёб маҳалласи ҳудудидан ўтган Шоҳизинда кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ.
Маълум қилинишича, Cobalt ҳайдовчиси ҳаракат вақтида ухлаб қолган, сўнг бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги темир тўсиққа урилган.
Оқибатда автомобил йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган Asiastar русумли автобус билан тўқнашган.
Ҳодиса туфайли енгил автомобил ҳайдовчиси шифохонага ётқизилди, дейилади хабарда.
Автобус ичида йўловчилар бўлмагани, транспорт воситаларига шикаст етган.
Ҳолат юзасидан шаҳар тергов бўлими дастлабки суриштирув ишларини олиб бормоқда.
ЙҲХБ ҳайдовчилардан чарчоқ ёки уйқу аломатлари сезилса, рулга ўтирмасликни сўраган.



