Президент табригида Янги Ўзбекистон сиёсати марказида инсоннинг ҳаёти, саломатлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари туриши қайд этилди. Саккиз миллионга яқин аъзони бирлаштирган касаба уюшмалари меҳнат муносабатларида адолат ва тенглик тамойилларини амалда таъминлашда муҳим институт сифатида эътироф этилди.

Сўнгги йилларда касаба уюшмалари иштирокида сезиларли натижаларга эришилгани қайд этилди: қарийб 500 минг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди, корхона ва муассасаларда 20 мингга яқин жамоатчилик назорати ва гендер тенглик аудити ўтказилди, меҳнат муҳофазаси бўйича 21 мингдан ортиқ камчилик бартараф этилди. Салкам 1 миллион ходим ва оила аъзоси, шу жумладан 1 200 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторийларда соғломлаштирилди, 800 мингдан ортиқ болалар учун ёзги дам олиш имкониятлари яратилди.

Президент яқинда ўтган очиқ мулоқотда Федерация ва тармоқ ташкилотлари фаолияти таҳлил қилинганини, келгуси йўналишлар аниқ белгиланганини маълум қилди. Унга кўра:

  • ижтимоий шериклик кенгайтирилади, таъсирчан жамоатчилик назорати йўлга қўйилади;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотларда, айниқса норасмий бандлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланади;
  • “яшил” иқтисодиёт ва сунъий интеллект шароитида шаклланаётган платформали бандлик ҳуқуқий меъёрлар билан таъминланади;
  • халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилинади;
  • 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Муносиб меҳнат» дастури ва касаба уюшмалари фаолиятининг келгуси беш йиллик стратегияси тайёрланади.

Президент касаба уюшмаларининг билим ва тажрибасига суяниб, ушбу вазифаларни амалга оширишда давлат идоралари билан ҳамкорликни янада кучайтиришини таъкидлади ҳамда соҳанинг барча фаоллари ва аъзоларини байрам билан табриклаб, саломатлик ва муваффақият тилади.