Суҳбат чоғида Дэвид Шеппард Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни юқори баҳолади. У, хусусан, фармацевтика соҳасини тартибга солишни такомиллаштириш, дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар бозорини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, шунингдек, кўп тармоқли замонавий тиббиёт муассасаларини барпо этиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, у Буюк Британиядаги энг нуфузли компаниялар, университетлар ва ихтисослашган тиббий муассасалар Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ислоҳотларига салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлигини қайд этди.

Мулоқот давомида тиббиёт кадрларини замонавий халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, мутахассисларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамширалик иши йўналишида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, ўқув курсларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурлари ва амалиёт тренингларини ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Дэвид Шеппард ушбу йўналишлар Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг тегишли вазирлик ва идоралари, шу жумладан тиббиёт университетлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун катта салоҳият яратаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорлик бошқармаси Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлиги таркибидаги махсус тузилма бўлиб, Бирлашган Қиролликнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритувчи компаниялари ва университетлари томонидан тақдим этиладиган маҳсулот ва сервисларни хорижий мамлакатлар бозорларига экспорт қилишда амалий кўмак беради.