Ҳукумат қарори билан “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса 3 йил муддатга берилади.
Шу билан бирга:
- четдан олиб келинаётган маҳсулотга хулоса маҳсулотнинг яроқлилик даврига,
- яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотга эса муддатсиз тарзда расмийлаштирилади.
Санитария-эпидемиологик хулоса қуйидаги ҳолатларда олиниши лозим:
- янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда;
- ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таркиби ўзгарганда;
- ишлаб чиқариш технологик жараёни, конструкция ёки жамланмаларда ўзгаришлар бўлганда;
- тажриба тариқасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга;
- республика ҳудудига олиб кириладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига;
- амалдаги санитария-эпидемиологик хулосанинг муддати тугаганда.
Ариза берувчилар ушбу давлат хизматидан Давлат хизматлари маркази орқали шахсан мурожаат қилиб ёки электрон тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали фойдаланишлари мумкин.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хулосани QR-код орқали тасдиқлайди ва уни 1 иш кунида ариза берувчининг шахсий кабинетига юбориши белгилаб қўйилган.



