Тезкор тадбир доирасида Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ўзининг яшаш хонадонида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган. Тинтув жараёнида унинг уйидан “гашиш” моддаси, кристалл кўринишидаги синтетик гиёҳвандлик воситаси, “Тропикамид” кучли таъсир этувчи дори воситалари, гиёҳванд моддаларни тайёрлашда ишлатиладиган хом-ашёлар, махсус идишлар ва қадоқлаш учун мўлжалланган зип пакетлар ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, хонадондан 4 та мобил телефон ва 1 та ноутбук мусодара қилинган. Ноутбукни ўрганиш давомида мижозларга синтетик гиёҳванд моддаларни сотиш ва уларга локация ташлаб бериш мақсадида гумонланувчи томонидан бошқарилган 3 та “Телеграм-бот”, шунингдек уй шароитида нарколаборатория ташкил қилиш билан боғлиқ видео ва слайд кўринишидаги қўлланмалар мавжудлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган бўлиб, ашёвий далиллар экспертизага юборилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида гумонланувчининг жиноий алоқалари ва эҳтимолий шерикларини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.



