Маълумотга кўра, Учтепа туманида жойлашган Кичик ҳалқа автомобил йўлида режали таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан йўлнинг Бешқайрағоч кўчасидан Фозилтепа кўчасигача бўлган қисмида транспорт ҳаракати 21 ноябр куни соат 20:00 дан бошлаб 24 ноябр соат 06:00 гача вақтинча чекланади.

Ушбу йўл участкасидан фойдаланувчи ҳайдовчилар ҳаракатланиш йўналишларини олдиндан белгилаб олиши, зарурат туғилганда эса айланма йўллардан фойдаланиши тавсия этилмоқда.

Вақтинча чекловлар даврида йўлда тирбандликлар келиб чиқмаслиги ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати қатнашчиларидан белгиланган қоидаларга риоя қилиш, йўл белгилари ва йўл-патрул хизмат ходимлари кўрсатмаларига амал қилиш сўралган.

Таъмирлаш ишлари якунидан сўнг кўрсатилган йўл участкасидан транспорт ҳаракати одатий тартибда тикланиши маълум қилинган.