Фармонга кўра, “Ўзархив” агентлигининг давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар ҳаракатини автоматлаштириш ишларига RFID (радиочастотали идентификация) технологияси жорий этилади.
2026 йил 1 июндан ушбу технология Ўзбекистон миллий архивларида сақланаётган ҳужжатлар билан ишлашда мажбурий қўлланилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 августдан қуйидаги давлат архивлари функциялари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилади:
- Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
- йиғмажилдлар рўйхатини тузиш ва расмийлаштириш, уларга оид илмий-маълумотнома аппаратини тузиш, келишиш ва тасдиқлаш;
- давлат архивлари томонидан архив ҳужжатларини қабул қилиш ва фойдаланишга бериш;
- корхона, муассаса ва ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда уларнинг архив ҳужжатларини ҳуқуқий ворисларда сақлаш масаласини давлат архивлари билан келишиш;
- давлат архивларига архив ҳужжатлари топширилиши лозим бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг ягона рўйхатини шакллантириш.



