Учтепа тумани ҳудудидан ўтувчи Кичик ҳалқа автомобил йўлида навбатдаги таъмирлаш ишлари бошланмоқда. Шу муносабат билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва таъмир жараёнини тўсиқсиз амалга ошириш мақсадида вақтинчалик чекловлар жорий этилмоқда.

Маълум қилинишича, Фозилтепа кўчаси кесишмасидан Бешқайрағоч кўчаси кесишмасигача бўлган йўл қисмида 27 ноябр куни соат 22:00 дан 1 декабр куни соат 22:00 гача:

ушбу йўл участкасининг бир йўналишида бир томонлама ҳаракат вақтинча чекланади;
таъмирлаш ишлари давомида транспорт воситалари ҳаракатланиши чекланган томонда тўлиқ тўхтатиб турилади.

Йўл ҳаракатида юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларни камайтириш мақсадида ҳайдовчиларга:

олдиндан муқобил йўналишларни танлаш;
йўл белгилари ва вақтинчалик йўл кўрсаткичларига қатъий амал қилиш тавсия этилди.

Мутасадди идоралар таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда якунланиши ва йўл участкасида ҳаракат қайтарилиши режалаштирилганини маълум қилмоқда.