Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида президентнинг “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–368-сон, 4 декабр 2025 йил) қабул қилинди. Ҳужжат билан пойтахт транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, Тошкентда:
аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш;
автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлигини 18 км/соатдан 24 км/соатгача ошириш;
транспорт воситалари учун 150 мингта ўринга эга тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
метрополитен тармоғи узунлигини 103 километрга етказиш режалаштирилган.
Ҳужжатга биноан, пойтахтда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
замонавий рақамли ва «яшил» технологияларни қўллаган ҳолда транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимларини узлуксиз мониторинг қилиш асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш;
Тошкент шаҳрининг транспорт мастер режасини ишлаб чиқиш;
ҳудудлардан кириб келадиган асосий автомобиль йўллари, автобус ва метро бош бекатлари кесишмаларида транспорт воситалари учун кўп қаватли парковкалар барпо этиш;
ерусти метро линиялари ва йўл ўтказгичлари остида хавфсизлик талабларига мувофиқ тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш.
Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар жамоат транспорти улушини ошириш, йўлларнинг ўтказувчанлигини яхшилаш ва пойтахт аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун ҳаракатланишни янада қулай қилишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.



