Суҳбат давомида томонлар қонуний миграцияни ривожлантириш, БАА ҳудудида меҳнат фаолиятини юритаётган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан фикр алмашди. Абдулла ал-Нуайми Амирликларда жорий этилган меҳнат тизими ҳамда хорижий ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, ишлаш учун таклифнома билан келган барча фуқароларнинг ҳуқуқлари вазирлик томонидан тўлиқ назорат қилиниши, ойлик маошларнинг ўз вақтида тўланиши таъминланиши асосий масала экани таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, мамлакатнинг малакали кадрларига эҳтиёж алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар иш ҳақини ҳимоя қилиш тизими, инспекция назорати ва рақамлаштириш бўйича илғор амалиётларни ўрганиш мақсадида ўқув семинарларини ташкил этиш, БАА меҳнат тизими тажрибасини ўртоқлашиш учун ўзбекистонлик мутахассислар билан онлайн мулоқотлар ўтказиш, шунингдек, рекрутинг компаниялари орқали Амирликларда ишлаётган ватандошлар сонини оширишга қаратилган қўшма чораларни фаоллаштириш бўйича келишиб олди.