Ҳарбийларга кўра, 19 декабрга ўтар кечаси украин дронлари Каспий денгизида нефт ва газ қазиб олинадиган платформа яқинида турган, 22460 «Охотник» проектига мансуб навбатчи кемани нишонга олган.

Шунингдек, «Лукойл» компаниясига қарашли Филановский номидаги нефт-газ конидаги бурғулаш платформаси ҳам шикастланган. Платформа Россия қуролли кучларини ёқилғи билан таъминлашда иштирок этади, дея маълум қилган Украина қуролли кучлари. Шикастланиш даражасига аниқлик киритилмаган.

Россия томони Каспий денгизида ҳарбий кема ва бурғулаш платформаси зарбага учрагани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ бермади.

Сўнгги ойларда Украина Россиянинг нефт инфратузилмаси объектларига ҳужумлар сонини оширди. Хусусан, Украина қуролли кучлари дронлари Россиянинг Ўрта Ер денгизида ҳаракатланувчи «яширин флоти»нинг бир нечта танкерларига, шунингдек, Каспий денгизидаги нефт қазиб олиш платформасига ҳужум қилди. Владимир Путин танкерларга берилган зарбаларга жавобан «Украинани денгиздан узиб қўйиш» билан таҳдид қилди ва Киев иттифоқчиларининг кемаларига ҳужум қилиниши мумкинлигини истисно этмади.