Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоботига кўра, мамлакатларнинг жами қарзи 111 трлн долларга етган. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори бўлган мамлакат — Япония: 230 фоиз.

Иккинчи ўринда Судан — давлат қарзи ЯИМга нисбатан 222 фоиз. Учликка Сингапур ҳам кирган — 176 фоиз.

23 та мамлакатда давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан юқори. Улар орасида Греция, Италия, АҚШ ва Франция бор. Хитой қарзи ҳам шу чегарага яқинлашиб, 96 фоизга етган.

Visual Capitalist

Шу билан бирга, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди — Макаонинг давлат қарзи нол. Энг паст қарзга эга мамлакат эса Лихтенштейн — ЯИМнинг 1 фоизи.

Россия давлат қарзи юқори бўлган мамлакатлар рўйхатига кирмаган. ХВЖ маълумотларига кўра, унинг давлат қарзи — ЯИМнинг 23 фоизи.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат (public) қарзи 43,376 млрд долларни ташкил этган: шундан 36,41 млрд доллари ташқи, 6,96 млрд доллари ички қарз. Қарзнинг ЯИМга нисбати 34,2 фоиз бўлиб, ўтган йилнинг шу санадаги 32,4 фоиздан ошган. 

Халқаро солиштирма рейтингларда эса (World Population Review’нинг 2025 йилги жадвали, 2024 йил маълумотлари асосида) Ўзбекистоннинг қарз/ЯИМ кўрсаткичи ~35 фоиз деб баҳоланади ва у 209 та давлат ичида 152-ўринда қайд этилган (яъни, нисбатан паст қарзли мамлакатлар қаторида).