Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр шакллантирилади. У “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради.
Янги Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб қуйидаги тоифаларга ажратилиши белгиланган:
- “давлат таъминотидаги оила”;
- “камбағал оила”;
- “камбағаллик чегарасидаги оила”.
Фармонда тоифалаш мезонлари ҳам белгиланган. Хусусан:
“Давлат таъминотидаги оила” тоифасига — оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган бўлган, ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар киритилади;
“Камбағал оила” тоифасига — оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган, ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар киритилади;
“Камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига — ҳар бир аъзога тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган оилалар киритилади. Шунингдек, бу тоифага:
аввал “давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” тоифаларидан чиқарилган оилалар;
“маҳалла еттилиги” тавсияси асосида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган деб топилган оилалар ҳам киритилиши мумкин.
Ягона реестр жорий қилиниши орқали ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда:
- эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш механизми ягона базага жамланади;
- оилаларнинг ҳолати тизимли баҳоланади;
- ёрдам чораларининг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилади.



