Депутат Сайдулло Азимов гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг камайиб бораётганига урғу бериб, бунга нима сабаб бўлгани билан қизиқди.
«Сув келиши 35 фоизга камайди. Йирик гидроэлектр станциялари томонидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ўтган йилга нисбатан камайишига асосий сабаб шу. Қуввати 1-5 МВт гача бўлган кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш орқали 140 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, аммо бу жуда оз миқдор. Биз, албатта, гидроэнергетикани ривожлантиришни давом эттирамиз, бироқ у сув ресурсларига боғлиқ бўлгани сабабли газ истеъмолини камайтириш мақсадида муқобил энергия манбалари, қуёш, шамол ва энергия сақлаш тизимларига эътибор қаратмоқдамиз», дея таъкидлади Мирзамаҳмудов.
Вазирнинг қўшимча қилишича, сув энергиясини жамлаш станцияларини қуриш ҳам режалаштириляпти. Ўз навбатида йирик гидроэлектр станциясини қуриш 6 йилдан 10 йилгача давом этади, шу жиҳатдан қисқа муддатда барқарор энергия таъминотининг энг арзон усули «яшил» энергетика ҳисобланади.



