Мадуро ва унинг хотини «наркотерроризм», кокаин сотиш ва «Қўшма Штатларга зарар етказиш ниятида» қурол ва портловчи моддаларни сақлашда айбланди. Мадуро ва Флорес айбловларни тан олмади.

«Мен бу ерда [айблов хулосасида] тилга олинган ҳеч нарсада айбдор эмасман. Мен ҳалол одамман. Мен ҳали ҳам ўз мамлакатим президентиман», деди Мадуро.

Флорес судда ўзини Венесуэланинг биринчи хоними деб таништирди ва айбини рад этди.

Жуфтликнинг адвокатлари судга мижозлари ҳозир гаров пули эвазига озод қилишни сўрамаслигини, бу ҳақда кейинроқ аризаси берилишини маълум қилди.

Мадуронинг ҳимоячиси Барри Поллак мижозининг Қўшма Штатларга етказилиши масаласининг қонунийлиги борасида саволлар борлигини таъкидлади. Флореснинг адвокати Марк Доннелли унинг ўғирланиши пайтида жароҳат олганини ва тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини айтди.

Шундан сўнг, суд мажлиси якунланди, кейинги мажлис 2026 йил 17 мартга белгиланди.

Николас Мадуро ва Силия Флорес 3 январ кечаси АҚШ махсус кучлари томонидан Венесуэладан олиб чиқиб кетилди. АҚШ расмийлари Венесуэла президентини гиёҳванд моддалар контрабандаси ва қурол сақлашда айбламоқда, унинг рафиқаси эса пора олиш ва одам ўғирлаш ва қотилликларни уюштиришда айбланмоқда.

Мадуро ва Флорес суд жараёни тугагунга қадар Бруклинда юқори даражадаги хавфсизликка эга шахслар учун мўлжалланган қамоқхонада сақланади.