Солиев Абдулазиз Соли ўғли Солиқ қўмитаси раисининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Ушбу йўналиш Солиқ қўмитаси тизимида қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва ички назорат механизмларини кучайтириш каби вазифаларни қамраб олади.
Тайинловга қадар Абдулазиз Солиев Ўзбекистон Ҳисоб палатаси тизимида фаолият юритган. Хусусан, у Давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматларининг идоралараро масофавий назорат маркази раҳбари лавозимида ишлаб келган.
Солиқ қўмитаси раҳбариятидаги мазкур тайинлов соҳада очиқлик ва тизимли назоратни кучайтириш, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар доирасида амалга оширилган.



