Ҳукуматнинг 2026 йил 30 январдаги 38-сон қарори билан “Ўзбекистон фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, давлат хизмати қуйидаги ҳолатларда кўрсатилади:
- фуқаро мурожаати асосида яшаш жойи манзили тўғрисида тизимдаги нотўғри маълумотни таҳрирлаш ва таҳрирланган қайд варағини бериш;
- мулкдор мурожаати асосида унинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс(лар) ҳақидаги нотўғри маълумотни таҳрирлаш ва манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар ҳақида таҳрирланган маълумотнома бериш.
Мазкур хизматни кўрсатиш бўйича ваколатли орган сифатида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари белгиланган.
Қандай мурожаат қилиш мумкин:
- ваколатли органга ёки Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиш;
- ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш.
Ваколатли органга келиб тушган сўровнома 3 иш куни мобайнида кўриб чиқилиши белгиланган.
Сўровномада кўрсатилган маълумотлар ўрганилгандан сўнг, таҳрирланган маълумот тизим орқали QR-код қўйган ҳолда тасдиқланади ва шу куннинг ўзида ариза берувчига хабарнома юборилиши қайд этилган.



