Маълум қилинишича, мазкур ташаббус чиқиндиларни тўғри бошқариш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, циркуляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган. Лойиҳа Шариф Ҳасанов бошчилигидаги делегация ва MT Makina ўртасида ўтказилган музокаралар якунлари асосида шакллантирилган.

Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг. Асосий лойиҳалар 2026–2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, улар доирасида:

кунига 500 тонна чиқинди саралаш қувватига эга станция қуриш;
йилига 1000 дона махсус техника ва контейнер ишлаб чиқарадиган заводни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, ташаббуслар доирасида 100 та янги иш ўрни яратилади, лойиҳаларнинг умумий фаолият юритиш муддати эса 20 йил этиб белгиланган.