
Маълум қилинганидек, Оҳангарондаги мазкур лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг Fajr Al Mustaqbal General Trading компанияси билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил этади.
Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилиши ва 4 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Айни пайтда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилиб, 11,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғизистон ва Афғонистон каби давлатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, бу йўналишдаги корхоналар Ўзбекистонда икки, Марказий Осиёда эса тўртта бўлиб, улар орасида мазкур лойиҳа маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради. Мажмуа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Ташриф давомида давлат раҳбари иш жараёнлари ҳамда маҳсулотлар сифатини кўздан кечириб, мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди. Шунингдек, корхонанинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдим этилди ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар кўргазмаси билан танишилди.



