Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тақдим этилган таҳлилга кўра, феврал ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони қарийб 4 фоизга ошиб, 29,7 мингтани ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса битимлар сони 7,2 мингтага кўпайиб, ўсиш суръати 32,4 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Навоий вилоятида (53 фоиз), Сирдарё вилоятида (39 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (49 фоиз) қайд этилди. Ойлик динамикада эса Тошкент вилоятида ўсиш 25 фоиз, Навоийда 22,6 фоиз ва Сирдарёда 13,4 фоизни ташкил қилди.
Феврал ойида барча битимларнинг қарийб учдан бир қисми пойтахт ҳиссасига тўғри келиб, Тошкент шаҳрида 8,9 мингтага яқин уй-жой олди-сотди битимлари амалга оширилди.
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиши бироз секинлашган бўлса-да, умумий ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Хусусан, феврал ойида пойтахтда нархлар тахминан 1 фоизга ошган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари ўртача 9 фоизга ўсган. Энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида (22 фоиз), Сирдарё вилоятида (19,3 фоиз) ва Жиззах вилоятида (16,3 фоиз) қайд этилди.
Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жой нархи ўтган йилга нисбатан 3,2 фоизга ошган. Янги уй-жойлар бозорида эса бу кўрсаткич 11,5 фоизни ташкил этди.
Пойтахтда ижара нархлари барқарор сақланиб, бир квадрат метр учун ўртача 8,7 долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан ижара нархлари 8 фоизга ошган.
Бозордаги мазкур динамика талабнинг барқарорлиги ва уй-жой сегментида фаоллик сақланиб қолаётганини кўрсатади.



