Ҳужжат лойиҳасига кўра, фармацевтик инспекция — дори воситалари ишлаб чиқарувчилар, клиник тадқиқот базалари, лабораториялар, дистрибюторлар ва дорихоналарнинг тегишли стандартларга мувофиқлигини баҳолаш жараёни ҳисобланади.
Низом лойиҳаси талаблари маҳаллий ва хорижий дори воситалари ишлаб чиқарувчиларни «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти», клиник тадқиқот базаларини «Зарур клиника амалиёти», лабораторияларни «Зарур лаборатория амалиёти», дистрибюторлик ва дорихона фаолиятини эса тегишли стандартлар асосида текширишга татбиқ этилади.
Белгиланган тартибга мувофиқ, инспекция хизматлари учун тўловлар ариза берувчи томонидан шартномада кўрсатилган муддатларда ваколатли орган ҳисобварағига ўтказилади. Агар инспекция белгиланган сифатда ўтказилмагани ёки ариза асоссиз рад этилгани аниқланса, тўловлар қайтариб берилади.
Хизматлар учун ҳақ миқдори ваколатли органнинг меҳнат вақти нормаси, соатлик иш ҳақи, махсус коэффициентлар ва қўшилган қиймат солиғи асосида формула орқали ҳисобланади. Айрим ҳолларда хорижий корхоналар учун қўшимча тузатувчи коэффициент қўлланади.
Шунингдек, маҳсулот намуналарини таҳлил қилиш, хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар алоҳида тартибда қопланиши белгиланган.



