Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Кун тартибидан икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, жумладан, дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, сиёсий мулоқотни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат кооперацияси ҳамда транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар, шунингдек, кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилади.
Ташриф якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.



