Хабар қилинишича, юзларини капюшон билан яширган ўғрилар кириш эшигини бузиб очган ва атиги уч дақиқада боғ орқали рассомлар шоҳ асарлар билан қочиб кетган. Маняни-Рокка фондида бу “режалаштирилган жиноят” экани, бироқ “видеокузатув тизими ҳамда полиция ва қўриқлаш хизмати тезкор аралашуви туфайли у янада оғир тус олмагани” айтилди. Ўғирланган асарларнинг тахминий қиймати миллионлаб евро билан баҳоланмоқда. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.
Санъатшунос ва коллекционер Луижи Маняни номи билан аталувчи фонд унинг рассомлик шоҳ асарлари коллекциясини сақлайди. Унда Тициан, Дюрер, Рубенс ва Гойя асарлари ҳам бор. Ушбу хусусий музей Италиядаги энг муҳим бадиий тўпламлардан бири ҳисобланади.
Маняни-Рокка фонди музейидан картиналар ўғирланиши сўнгги ойларда санъат оламида содир этилган ягона шов-шувли жиноят эмас. 2025 йил 19 октябрда Париждаги Лувр музейидан Франция монархларига тегишли, умумий қиймати тахминан 88 миллион евро бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилган эди. Бунда жиноятчилар қочаётган пайтда олмос ва зумрадлар билан безатилган императрица Евгениянинг тожини тушириб юборган.
Бу иш бўйича бир неча киши қўлга олинган, уларнинг айримларига айблов эълон қилинган. Бироқ тақинчоқларнинг ўзи ҳозирча топилмаган. Хабарларга кўра, талончиликдан кўп ўтмай ўғрилар Исроилдаги бир фирма орқали Лувр билан музокарага киришишга уринган ва ўғирланган буюмларни пул эвазига қайтаришни таклиф қилган, аммо Франция музейи раҳбарияти бу имкониятдан фойдаланмаган.
Ноябр ойида интернетда гўё Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси — МКҚБ томонидан тасвирга олинган видео тарқала бошлади. Унда ўғирланган буюмлар Украина миллиардери ва президент Володимир Зеленскийнинг собиқ яқин ҳамкори Тимур Миндичнинг уйидан топилгани айтилган эди. Миндич “Энергоатом” атрофидаги коррупция можаросига аралашган шахс сифатида тилга олинган. Бироқ DW фактчеки шуни кўрсатдики, бу видеоролик — фейк бўлиб, унинг бир қисми сунъий интеллект ёрдамида яратилган.



