Президентнинг олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришга қаратилган фармонига мувофиқ, республикада олий таълим тизимини халқаро даражада ривожлантириш ва хорижий талабаларни кенг жалб этиш бўйича қатор янги чоралар белгиланди.

Жумладан, давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган, аммо тўлмай қолган грант квоталари ҳисобидан “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастури амалга оширилади. Ушбу дастур доирасида ҳар йили 500 нафаргача бўлган иқтидорли чет эллик ёшларга Ўзбекистон олий таълим муассасаларида бепул таълим олиш имконияти тақдим этилади.

Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб хорижий талабаларни қабул қилиш жараёни янада соддалаштирилиб, амалдаги тартибга қўшимча равишда Study in Uzbekistan платформаси орқали қабул қилиш тизими йўлга қўйилади.

Яна бир янгиликка кўра, таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар кейинги босқичга ҳужжат топширишда хорижий тилни билиш бўйича сертификат тақдим этишдан озод этилади.

Бундан ташқари, олий таълим тизимида глобал ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилади. Шу билан бирга, рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги тузилмалар ҳам йўлга қўйилади.

Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистон олий таълими жозибадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтидорли ёшларни жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.